Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
17317

Ўзбекистон Республикасида тўлов тизимининг ривожланиш босқичлари

Янгиланган сана: 3 Авг 2020, 18:41

Собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг самарали ва жаҳон талаблари даражасида деб ҳисобланган республика тўлов тизимининг ривожланиши тўрт босқичга бўлинади:

1-босқич

1991 йил

Вилоятлар ичида ҳисоб-китоблар почта ва ташувчилар орқали ягона ҳисоблаш марказида амалга оширилади. Бу жараён бир ҳафтани ташкил этар эди. Вилоятлараро ҳисоб-китоблар ҳам почта орқали авизо ҳужжатлари асосида амалга оширилган. Бунда маблағлар бир мижознинг ҳисобварағидан иккинчи мижознинг ҳисобварағига бир ойдан икки ойгача бўлган муддат мобайнида келиб тушар эди.

1992 йил

Марказий банк Бош ахборотлаштириш марказида банклараро ҳисоб-китобларда электрон почта усули яратиш устида ишланди. Шунингдек банк амалий иш кунини компьютерлар воситасида бажариш амалий дастурини яратиш ва уларни банкларда тадбиқ этиш бўйича иш олиб борилди.

1993 йил

Шу йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунини бажариш юзасидан Марказий банкда ва унинг ҳудудий Бош бошқармаларида ахборотлаштириш бошқармаси ва бўлимлари ташкил этилди. Банклараро махсус ажратилган алоқа каналлари вазифасида электрон тўлов тизимини ишга тушириш борасида иш олиб борилди. Республика банк тизимини ахборотлаштириш концепцияси ишлаб чиқилди.

Собиқ Иттифоқ республикалари билан ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва уларга хизмат кўрсатиш амалий дастури яратилди. Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари тўлиқ компьютерлаштирилди. Яъни бир пайтда республика электрон тўлов тизимини замини яратила бошланди. Шу йилнинг декабр ойидан бошлаб жуда қисқа муддат уч ой мобайнида Собиқ Иттифоқ республикалари билан 1991, 1992 ҳамда 1993 йиллардаги йиғилиб қолган ўзаро ҳисоб-китоблар, қарзлар ҳисоблаб чиқилди ва 1994 йилнинг март ойига келиб бу борада аниқ маълумотларга эга бўлинди.

1994 йил

18 март куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 146-сонли “Банк тизимини такомиллаштириш, пул-кредит муносабатларини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Марказий банк тизимида электрон почталарни жорий этишни октябрга қадар тугаллаш вазифаси юклатилди. Шунингдек, Қарорда республика банк компьютер тизимини яратиш учун зарур валюта маблағларини ажратиш ҳам кўрсатилди.

13 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси банк тизимини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор қабул қилинди. Унга асосан банклар қатор солиқлардан озод қилинди ва бўшаган маблағларни ўз фаолиятини компьютерлаштиришга сарфлаш шарт қилиб қўйилди. Мазкур Қарорларга биноан тижорат банкларининг бўлимлари компьютерлаштирила бошланди ва улар электрон тўлов тизимига қўшиб борилди.

Август ойи охирига келиб мустақилликнинг уч йиллиги шарафига электрон тўловлар вақтинчалик Низоми яратилди. Октябр ойидан бошлаб эса электрон почта республика банк тизимида ишга туширилди. Республика банк тизимида бухгалтерия ҳисоб-китобларни ва банк амалий иш кунини умумий бир кўринишга келтириш учун зарур ишлар амалга оширилди. Марказий банк қилинган бу ишлар билан чекланиб қолмасдан ўзининг мутахассислари кучи билан электрон тўлов тизими амалий дастурини республика миқиёсида тадбиқ этиш устида ҳам тинимсиз иш олиб борди ва 1995 йил учун замин яратди.


2-босқич

1995 йил

Апрел ойида Марказий банк Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси банклараро тўлов тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган ҳалқаро танлов тендер эълон қилди.

Марказий банкда ташкил этилган электрон тўлов тизимини яратиш ишчи гуруҳи ўтган йиллардан олинган тажрибалар ва хулосалар, шунингдек жаҳоннинг илғор давлатлари ютуқларини ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида электрон тўлов тизими технологиясини яратдилар. Эски тизим 19 августдан бошлаб янги технология билан алмаштирила бошланди. Бу пайтга келиб Марказий банк тизимида ҳисоб-китоб марказлари ташкил этилди ва тижорат банкларига электрон тўлов бўйича хизмат кўрсатила бошланди. Янги технологияга ўтила бориши сабабли йилнинг охиригача республикада 2 тизим: электрон почта ва электрон тўлов тизимлари ишлаб турди. Йил охирига келиб эса барча тижорат банклари Марказий банкнинг ҳисоб-китоб марказлари, клиринг марказлари электрон тўлов тизимига қўшилди.

1996 йил

Янги ташкил этилган ҳисоб-китоб марказлари тижорат банкларининг вакиллик ҳисобварақларини клиринг марказларидан ўзларига ўтказа бошладилар. Июль ойига келиб клиринг марказлари бутунлай қисқартирилди. Шу билан бир қаторда, Марказий банкнинг Ахборотлаштириш Бош маркази мутахассислари ва банк ходимлари тўловларнинг ўтиши муддатини янада қисқартиришни таъминлаш борасида тинмай изланиш олиб бордилар. Бунинг натижаси ўлароқ, йил охирига келиб тўловлар ўтиши муддати республика миқёсида 2 соат, вилоят миқёсида 1 соатни ташкил этди.

1997 йил

Республика банк тизимида янги ҳисоб тизими режасига ўтилиши тижорат банклари ва Марказий банк тўлов тизими туб бурилиш ясади. Электрон тўлов тизимининг мавжуд амалий дастури ривожлантирилиб, тизимнинг катта ўтказиш қобилияти ва ҳужжатларнинг юқори тезликда қайта ишланиши (ҳудудлараро ҳисоб-китоблар - 15 дақиқада, битта ҳудуд ичидаги ҳисоб-китоблар эса – 3-5 дақиқада) пул маблағлари айланишини жиддий оширди. Бу эса республика хўжалик юритувчи субъектларининг фаолиятига ижобий таъсир этди, банкларга вақтинча бўш турган маблағлардан самарали фойдаланиш ва кредит хавф-хатари даражасини ҳамда ликвидлилик хавф-хатарини тезкорликда бошқариш имконини берди.


3-босқич

1998 йил

Марказий банк билан Жаҳон банки ўртасида 1998 йил декабр ойида “Республика молия соҳасини ривожлантириш” учун заём ажратиш тўғрисида шартнома имзоланди. Бу лойиҳа беш компонентга бўлиниб, шулардан тўртинчи компонент ўз ичига қуйидаги масалаларни олади:

  • бошқариш учун ахборот тизимини яратиш;
  • банк телекоммуникация тизимини ривожлантириш;
  • ахборот тизими муҳофазасини яратиш.

Юқорида келтирилган масалалар бўйича тадбирларни ниҳоясига етказиш 2003 йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган бўлиб, ҳар бир масала бўйича ривожланиш йўллари тижорат банклари билан биргаликда аниқланди ва чет эл экспертларининг хулосалари олинди.


4-босқич

2002 йил

Тўловларни реал вақтда ўтишини таъминлаш ва тижорат банкларига ягона вакиллик ҳисобварағи орқали хизмат кўрсатиш бўйича технология танланиб, ушбу бўйича техник топшириқ, ишлаб чиқилди ва банклараро тўловларни ягона вакиллик ҳисобварағи орқали ўтказиш ҳамда банкларда ахборотлаштирилган ахборот тизимини ташкил этиш бўйича дастур яратилди. Тижорат банкларининг банклараро тўловларни ягона вакиллик ҳисобварағи орқали амалга ошириш тизимига ўтиши 2002 йилнинг июн ойидан бошланди.

Тўлов тизимини такомиллаштириш мақсадида халқаро тендер ўтказилиб, тендер ғолиби билан мавжуд банк телекоммуникация тармоғини ривожлантириш лойиҳаси бўйича шартнома тузилди.

Пластик карточкалар билан ҳисоб-китобларни йўлга қўйиш мақсадида тўловларни амалга оширадиган миллий тизим яратиш концепцияси тавсияномалар ва схемалар ишлаб чиқилди. Республикамизда мавжуд йирик банклар, хусусан ТИФ Миллий банк, Асака банк, Саноатқурилиш банки, Халқ банки ва Пахта банкларида пластик карточкалар орқали тўловларни ташкил қилиш йўлга қўйилди.

2003 йил

Тижорат банкларини банклараро тўловларни ягона вакиллик ҳисобварағи орқали амалга ошириш тизими 2003 йил 8 сентябрда тўлиқ ишга туширилди ва барча банкларда марказлаштирилган ахборот тизими ташкил этилди. Бу банкларга кундалик тўловлар ўтказиш учун банд бўлган маблағларни бир қисмини бўшашига ва уларни ўринли активларга жойлаштиришга, банк ўз филиалларини мавқеини таҳлил қилиб керакли чора кўришга, банкнинг кунлик ягона баланси унинг ликвидлилигини, таваккалчиликларини, мажбуриятларни, ўз капиталини аниқ ифода этишга имкон беради.

Шунингдек, Жаҳон банки кредити ҳисобига тузилган шартномага асосан Банк телекоммуникация тармоғини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бажарилаяпти, шунингдек, республика молия тузилмаларини банклараро маълумот узатиш тармоғига улаш ва ўзаро маълумот алмашинувининг электрон тизимини яратиш бўйича ишлар олиб борилди.

2004 йил

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрда қабул қилинган “Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 445–сонли Қарори билан ушбу тизимни кенгайтириш борасидаги илк режа кўрсаткичлари, шунингдек тўловларни пластик карточкалар орқали қабул қилиш терминаллари билан жиҳозланадиган объектлар рўйхати тасдиқланди. Шу билан бир қаторда, мазкур қарорга мувофиқ мамлакатда Ягона умумреспублика процессинг маркази ташкил этилди. Мазкур қарорга мувофиқ, барча тижорат банклари пластик карточкалар тизимида иш олиб борилишига замин яратилди.

2006–2012 йиллар

Барча тижорат банкларида (ДТ Халқ банкидан ташқари) ягона баланс тизимини жорий этилди. Давлат тижорат Халқ банкида ягона баланс технологиясига асосланган тизимни жорий этиш ишлари босқичма-босқич олиб борилиб, 2008 йил 24 ноябрида тўлиқ ишга туширилди. Бундан ташқари, Марказий банкнинг Интеграллашган ахборот-таҳлилий тизими (ИАТТ) 2009 йил май ойида яратилиб, унда тижорат банклари томонидан 58 та талабнома асосида Марказий банкнинг маълумотлар омборхонасида маълумотларни жамлаш, назорат қилиш, ҳисобини юритиш, қайта ишлаш, шакллантириш ва сақлаш жараёнларини автоматлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳозирги кунда ИАТТ таркибига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Интеграллашган автоматлаштирилган банк тизими, Кредит ахбороти миллий институти ахборот тизими, Ягона вакиллик ҳисобварақлар ҳисоб-китоб маркази, Электрон ҳужжат айланиши тизими, банк тизими маълумотлар базалари киритилган ва маълумотлар омборхонаси ташкил этилган бўлиб, айни пайтда мазкур тизимларни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

2013–2014 йиллар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1989-сонли қарори билан республика “Электрон ҳукумат” тизимининг комплекс ахборот тизимлари таркибига Марказий банкнинг “Чакана тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш клиринг тизимини яратиш ҳамда хизмат кўрсатувчиларнинг биллинг тизими билан интеграллаш” лойиҳаси ҳам киритилган бўлиб, мазкур Клиринг тизими амалиётга татбиқ этилди.

Ушбу тизимни яратишдан мақсад унга тижорат банклари филиаллари, кассалари ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси қошидаги Ягона умумреспублика Процессинг марказини улаган ҳолда, жисмоний шахсларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек коммунал хизматлар ва мобил алоқа операторлари учун тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш имкониятини яратишдан иборат. Шунингдек, мазкур тизим мижозларга куну-тун банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш ва банк инфокиосклари орқали ишлаш имкониятини берди.

Клиринг тизими билан Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизими, шунингдек, “Ўзбекэнерго” ДАК ҳамда “Ўзтрансгаз” АКнинг биллинг тизимлари интеграция қилинган ҳолда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда электр энергияси ва газ истеъмоли тўловларини реал вақт режимида амалга ошириш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, “Ўзкарт” банклараро чакана тўлов тизими фаолиятини тартибга солиш ва унинг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, Марказий банк ҳузуридаги Ахборотлаштириш Бош марказида “Банклараро универсал неттинг ахборот тизими” дастурий мажмуаси ишга туширилиши муносабати билан “Ўзкарт” тизимида Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк вазифалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Банклараро ҳисоб-китоб марказидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоблар марказига ўтказилади.

Бунда ўзаро мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китоблар тижорат банкларининг Марказий банкнинг Ҳисоб-китоблар марказида очилган вакиллик ҳисобварақлари орқали амалга оширилиб, тизим харажатларини камайишига олиб келади ва тижорат банклари ўз маблағларидан самарали фойдаланишларига имкон беради.

Хулоса қилиб айтганда, чакана тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш Клиринг тизими ПҚ-1989-сонли қарори билан белгиланган муддатларда ишга туширилган бўлиб, ҳозирги вақтда банк тизими томонидан ушбу ахборот тизимини такомиллаштириш ва жорий қилиш доирасини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.


2015-2019 йиллар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3945-сонли қарорига асосан Миллий банклараро процессинг маркази 2018 йилнинг IV-чорагида ташкил этилди ва “Humo” тўлов тизими 2019 йилнинг I-чорагидан бошлаб ишга туширилди.

Мазкур чакана тўлов тизимининг ишга туширилиши банк карталарига асосланган чакана тўлов хизматларини кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитининг шаклланишига, иқтисодиётда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламининг сезиларли даражада ошишига ҳамда банк карталарига асосланган чакана тўлов тизимлари фаолияти билан боғлиқ хатарларнинг камайишига хизмат қилади.

2019 йил давомида хўжалик субъектларининг тўловларини туну кун (24/7) режимида ўтказилишига шарт-шароит яратиш мақсадида 2019 йил давомида Марказий банк ҳузурида халқаро талабларга мос келадиган Маълумотларни қайта ишлаш марказини яратиш бўйича кенг қамровли тайёргарлик ишлари олиб борилди. Тўловларнинг 24/7 режимида ўтказилишини таъминловчи янги Тезкор тўловлар тизимини жорий қилиш юзасидан пилот лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди.

Мазкур Тезкор тўловлар тизими 2020 йилнинг I-чорагида ишга туширилган бўлиб, унга барча тижорат банкларининг уланиши таъминланди. Бунинг натижасида масофадан хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланувчи корхона ва ташкилотлар ҳам худди аҳоли каби ўз тўловларини туну кун реал вақт режимида, яъни тижорат банклари филиал ва шахобчалари иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунлари ҳам амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

Тўлов тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар билан бир қаторда, унинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини, халқаро меъёр ва қоидаларни чуқур ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонуни ишлаб чиқилди ва 2019 йил 1 ноябрда тасдиқланди.

Ушбу Қонун тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасида ягона ахборот ва ҳуқуқий муҳитни яратиш, Марказий банк томонидан тўлов хизматлари бозорини, тўлов тизимларининг фаолият юритишини, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини кўрсатувчиларнинг фаолиятини самарали тартибга солиш, тўлов хизматларининг оммабоплиги ва шаффофлигини ошириш, шунингдек, электрон пуллар соҳасидаги муносабатларни ва электрон пуллар тизими иштирокчилари фаолиятини тартибга солиш борасида меъёрий-ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилади.

Банк депозиторлари миллий ахборотлар базасида рўйхатга олинган мижозлар ва улар ҳисобварақларининг сони бўйича 1 январь ҳолатига маълумот


USD = 12855.93
+11.93
EUR = 13570.72
+20.3
RUB = 128.16
-0.14
GBP = 16287.18
+67.78
JPY = 82.54
-0.99
CHF = 14518.27
-17.72
CNY = 1774.01
+0.76
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X