Клиринг тизими
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги ПҚ–1989-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Марказий банкнинг “Чакана тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш клиринг тизимини яратиш ҳамда хизмат кўрсатувчиларнинг биллинг тизими билан интеграллаш” лойиҳаси 2014 йилда жорий этилган бўлиб, тизим орқали амалга оширилаётган тўловлар ҳажми ва кўлами доимий равишда ортиб бормоқда.
Мазкур тизим фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисоб-китоблар клиринг тизими тўғрисида”ги Низом (рўйхат рақами 2570, 2014 йил 4 апрель) талаблари асосида тартибга солинади.
Ҳозирги кунда банклар инфратузилмаларида Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали барча коммунал ташкилотлар, Молия вазирлиги Ғазначилигига тўланадиган бюджет тўловлари, солиқ ҳамда божхона тўловлари, нотариат ва ФХДЁ тўловлари, Ички ишлар вазирлигига тўланадиган жарима тўловлари, Давлат хизматлари агентлиги хизматлари тўловлари, “UzAuto Motors” автомашиналари учун тўловлар, кадастр хизматлари учун тўловлар, шунингдек, мобил алоқа, интернет-провайдерлар ва кўплаб бошқа хизматлар учун тўловчини хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг биллинг тизими орқали аниқ идентификация қилиш орқали тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш ва акс эттириш имконияти яратилган.
Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими республикада фаолият юритаётган чакана тўлов тизимларининг (Uzcard ва Humo) банк карталари орқали ўтказилган транзакциялари натижаси бўйича клиринг амалиётларини бажариш бўйича “Ҳисоб-китоб банки” вазифасини ҳам амалга ошириб келмоқда.
Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими билан интеграция қилиш орқали тўловларни реал вақт режимида амалга оширишга талабгор бўлаётган идора ва ташкилотлар ҳам кўпаймоқда. Бугунги кунга келиб, ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали жами 30 дан ортиқ хизматлар бўйича тўловлар реал вақт режимида амалга оширилмоқда.
Ҳисоб-китоблар клиринг тўлов тизимида иштирок этиш ҳамда тўловларни ўтказиш учун Ахборотлаштириш бош маркази билан икки томонлама шартнома тузилади.
Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали 2017 йил мобайнида 5 205,7 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилган бўлса, 2018 йилда тўловлар суммаси 2017 йилга нисбатан қарийб 2 баробарга ортиб, 10 155,0 млрд. сўмлик тўлов амалга оширилган. 2019 йилда ҳам ушбу тизим орқали амалга оширилган транзакциялар суммаси 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробарга ортиб, 20 030,4 млрд. сўмга етган.