Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари таҳлили
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари
билан ишлаш
2024 йилнинг I чораги давомида Марказий банк республика аппаратига жами 1 318 мурожаат келиб тушган бўлиб, унинг 276 тасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, 519 тасини Марказий банкка тўғридан-тўғри ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар орқали келиб тушган ёзма мурожаатлар, 63 тасини Марказий банк электрон почтаси, 460 тасини Марказий банк раҳбарияти ва масъул ходимларининг шахсий ва сайёр қабуллари ҳамда “Ишонч телефони” орқали билдирилган оғзаки мурожаатлар ташкил этди.
2024 йилнинг I чораги давомида Марказий банк тизимида мурожаатлар билан ишлаш Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида ташкил этилди.
Ҳисобот даврида мурожаатларнинг 489 таси (37,1%) қаноатлантирилди, 643 тасига (48,8%) тушунтириш берилди, 36 таси (2,7%) тегишлилиги бўйича бошқа вазирлик ва идораларга юборилди, 149 таси (11,3%) ўрганиш жараёнида ҳамда 1 та мурожаат аноним деб топилди.
Мазкур масала ҳар чоракда Марказий банк бошқаруви мажлисларида ва ҳар ҳафтада Марказий банк раиси ҳузурида ўтказилган йиғилишларда танқидий муҳокама қилиниб, мурожаатчилар томонидан кўтарилган масалаларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ жойида ҳал қилиш ҳамда ходимларнинг касбий малакалари ва шахсий масъулиятини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар бериб борилди.
Мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш билан бирга, банк хизматларидан фойдаланишда юзага келаётган тизимли камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш Марказий банкнинг ушбу соҳадаги фаолиятининг асосий мезонларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, ҳисобот йилида аҳолини қийнаётган масалаларни жойида ўрганиб ҳал қилиш мақсадида олис ва чекка ҳамда аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда Марказий банк раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ташкил этилди. Бунда, мурожаатчилар томонидан кўтарилган масалаларни жойида, холис ва тезкор ҳал этиш ҳамда қабулларнинг натижадорлиги ва аҳолининг розилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, ҳисобот йилида Марказий банк раиси ўринбосарлари томонидан ҳудудларда ташкил этилган сайёр қабуллар давомида 344 нафар фуқаро ва юридик шахслардан мурожаатлар қабул қилиниб, унинг 168 таси ижобий ҳал этилди (67,2 млрд. сўм ва 50,1 минг $ миқдорида кредитлар ажратилган), 117 таси бўйича тушунтиришлар берилди ва 59 таси юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Марказий банк молиявий хизматлар истеъмолчилари билан алоқаларни замонавий коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда уларга қулай бўлган усулларда ташкил этмоқда.
2023-2024 йилларнинг I чораги давомида Марказий банкка жисмоний ва юридик шахслардан келган мурожаатларда кўтарилган масалалар таркиби
№ |
Мурожаат масаласи |
Мурожаатлар |
|
сони |
улуши, |
||
1 |
Банк кредитлари ва кредит операциялари |
787 |
59,7 |
2 |
Банк ҳисобрақамларини очиш, тўлов тизими ва нақд пулсиз ҳисоб -китоблар масаласида |
235 |
17,8 |
3 |
Банк ходимларининг хатти-ҳаракатлари масаласида |
77 |
5,8 |
4 |
Банк фаолияти бўйича маълумотлар олиш ва таклифлар |
52 |
3,9 |
5 |
Банк карталари, терминаллар ва банкоматлар масаласида |
47 |
3,6 |
6 |
Валютани тартибга солиш ва назорат қилиш масаласида |
27 |
2,0 |
7 |
Банк омонати ва бошқа депозит операциялари |
25 |
1,9 |
8 |
Иш масаласида |
25 |
1,9 |
9 |
Нафақа пулларини олиш масаласида |
9 |
0,7 |
10 |
Банклар ва кредит ташкилотларни ташкил этиш ва тугатиш масаласида |
8 |
0,6 |
11 |
Бошқа масалалар |
26 |
2,1 |
|
Жами |
1 318 |
100,0 |
Жисмоний ва юридик шахслардан келган мурожаатлар таҳлили асосида тизимли муаммо ва камчиликлар аниқланган тақдирда, амалдаги қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан кредит ташкилотларининг фаолиятига қўйилган талаблар такомиллаштириб борилмоқда.